Самарқанд вилояти
Мактабгача таълим бошқармаси
w w w . s a m u d o . u z

2018 йилда Ўзбекистоннинг 367 МТМда қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирлашга доир ишлар амалга оширилади

#kun.uz//

Мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги йилда қабул қилинган қатъий чора-тадбирлар натижасида Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди.

Фото: xs.uz

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мактабгача таълим муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишларини ташкил этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатли давлат органларининг фаолияти айниқса жойларда ҳамон паст даражада қолмоқда.

Шунингдек, давлат мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техника базасининг ҳолати замон талабларига тўлиқ даражада мос келмайди ва мамлакат аҳолисининг ўсиб боришини эътиборга олганда болаларнинг мактабгача таълим билан зарур даражада қамраб олинишини таъминлаш имконини бермайди.

Сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайган. Бунинг оқибатида мактабгача ёшдаги 2 523 000 боладан 830 000 нафари ёки 33 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган, холос.

Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи Сурхондарёда - 13 фоизни, Жиззахда - 23,2 фоизни, Қашқадарёда - 23,3 фоизни, Самарқандда 24,7 фоизни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан ҳам паст.

Ваҳоланки, ривожланган мамлакатларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси Данияда - 99 фоиз, Японияда - 97 фоиз, Жанубий Кореяда - 95 фоиз, Россияда - 78 фоизни ташкил этади.

2017 – 2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича дастур тасдиқланди, унинг доирасида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тизимли ташкиллаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

2017 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 302 та мактабгача таълим объектида 245 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди (2 та янги қурилиш, 105 та реконструкция, 195 та капитал таъмирлаш).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилга мўлжалланган инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини тасдиқлаш тўғрисида” 3507-сонли Президент қарори асосида “2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасида 2018 йилда жами 367 та давлат мактабгача таълим муассасасини (40 та янги қурилиш; 298 та реконструкция; 29 та мукаммал таъмирлаш) қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирлашга оид вазифалар белгиланди.

Ўтган 2017 йилга нисбатан солиштирилганда давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориладиган мактабгача таълим муассасаларининг умумий сони 65 тага кўпроқлигини, мисол учун: янги қурилиш 38 тага, реконструкция 193 тага ортиқроқ эканлигини кўриш мумкин.

Ушбу мактабгача таълим муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағларидан 1 трл. 253 млрд. 996 млн. сўм. маблағ ажратилиши белгиланди.

Шундан:

  • намунавий лойиҳалар асосида 40 таянги объект қуриш учун 402 млрд. 188 млн. сўм;
  • 298 таобъектни реконструкция қилиш учун 783 млрд. 811 млн. сўм;
  • 29 таобъектни капитал таъмирлаш учун 67 млрд. 996 млн. сўм. маблағ ажратилиши белгиланди. 2018 йилда ажратиладиган маблағлар ҳам 201 7 йилда давлат дастури асосидан ажратилган маблағларга нисбатан 1 трлн. 8 млрд.га кўпроқлигини кўриш мумкин.

2018 йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориладиган 367 та мактабгача таълим муассасаларининг жами қуввати 43 минг 805 ўринни ташкил этиб, шундан 7 минг 775 таси - янги ташкил этиладиган ўрин; 31 минг 260 таси - реконструкция қилинадиган ўринлар, 4 минг 770 таси жорий таъмирланадиган ўринларни ташкил этади.

Натижада 7 775 нафар 3-7 ёшли болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади ҳамда 36 минг 30 нафар 3-7 ёшли болалар замонавий таълабларга жавоб берадиган муассасаларда таълим-тарбия олишади. Ушбу мактабгача таълим муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишлари орқали мактабгача ёшдаги болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 33 фоиздан 34,6 фоизга ортади.

Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳридаги 48-сонли, Мирзо Улуғбек туманидаги 324-сонли мактабгача таълим муассасаларини ва Яккасарой туманидаги махсус мактабгача таълим муассасасини беғараз реконструкция қилиш ҳамда Нукус шаҳрида махсус мактабгача таълим муасасасини қуриш, шунингдек, ушбу 4 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширадиган пудратчи ташкилотларга кўрсатаётган хизматлари учун тўловни амалга оширишда қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш белгиланди.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориладиган мактабгача таълим муассасаларида ишларни сифатли амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан қурилиш монтаж ишларини сифатли таъминлаш ва шаҳар қурилиш меъёрлари ва талабларига қатъий риоя қилиш учун тизимли назорат ўрнатиши кўрсатиб ўтилди.


Охирги ўзгариш вақти: 03/07/2018 12:43;   Кўрилганлиги: 2121
 
Материал манзили: https://www.samudo.uz/press/news/2018-yilda-ozbekistonning-367-mtmda-qurish-rekonstruktsiya-va-mukammal-tamirlashga-doir-ishlar-amalga-oshiriladi
Чоп этилган вақт: 05/12/2021 03:48
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг